Янгиликлар

10 Май 2024

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Миллий гвардия маънавият ва маърифат марказида “Уйғоқ хотира” номли театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилмоқда

Сана муносабати билан намойиш этилган мазкур асар Миллий гвардия қўмондони ташаббуси билан, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда тизим ҳарбий хизматчи ва ходимларидан иборат ижодий гуруҳ томонидан тайёрланиб, унда “машъум уруш” йилларида жасоратли ота-боболаримиз, матонатли оналаримизнинг бошдан кечирган оғир дамлари ҳамда халқимиз дарди ёдга олинган.
Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами – бу шунчаки байрам эмас, унда миллий хусусият ва ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшадиган қадриятлар мужассамдир.
Уруш фахрийлари мазкур театрлаштирилган концерт дастурининг илк дақиқаларидаёқ кўзларига ёш олишди. Улар шу онда ўйинқароқ ёшлик чоғларию, ўша машъум уруш йилларини хотирлашди. Ижодий гуруҳ аъзолари томонидан маҳорат билан ижро этилган образларда иккинчи жаҳон уруши мобайнидаги халқимиз бошига тушган оғир кунлар ёритиб берилди.
Ҳиссиётларни жунбишга келтирувчи саҳна чиқишлари, қалбнинг энг тубига етиб борди десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Ҳар бир саҳна кўриниши ижросини ёшлар беихтиёр олқишлаб туришди. Албатта шу каби байрам дастурлари ёшларни элу юртни кўпроқ севишга ундайди, оламда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-қиммат ва оқибат уруғларининг кўпроқ сочилишига ҳисса қўшади.
Шу билан бирга, тадбир давомида Миллий гвардия сафларида ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги учун ўз жонини қурбон қилиб қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиш энг олий вазифамиз эканлиги таъкидланди.
Ушбу саҳнада намойиш этилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан тайёрланган “Уйғоқ хотира” мусиқали саҳна кўриниши ҳам шу мақсадда тайёрланиб, залда ўтирган ҳар бир инсоннинг қалбида беихтиёр бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун шукроналик ҳамда уруш қаҳрамонларига чексиз миннатдорлик ҳисини уйғотганига ишонч билдирилди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан тадбир иштирокчиларига ва улар орқали барча яқинларига самимий тилаклар билдирилиб, мазкур мусиқали саҳна кўринишини эътиборимизга тақдим этган Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази ашула ва рақс ансамбли раҳбари ва унинг жамоасига, шунингдек спектаклда иштирок этган ҳарбий хизматчи ва ходимларга миннатдорчилик билдирилди.