Бухорода жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда
Бухорода жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда
Таъкидлаш жоизки, жорий йил 27 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янгича ташкил этиш, патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматларини тун-у кун 3 сменали иш режимига ўтказиш ҳамда хабар тушганидан сўнг патруль гуруҳларининг 5 дақиқа ичида ҳодиса жойига етиб боришини таъминлаш вазифалари белгилаб берилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида Бухоро вилоятида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов вилоят ички ишлар бошқармасининг тезкор бошқарув марказида бўлиб, белгиланган вазифалар ижроси бўйича тақдимотлар билан танишди.
Тақдимотда қўриқлаш хизматини ривожлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ва аҳоли хонадонларини қўриқловга олиш, йўл-транспорт ҳодисаларини илмий-амалий таҳлил қилиш, тезкор бошқарув маркази фаолияти самарадорлигини ошириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, жамоат тартибини сақлашда кичик ҳажмли дронлардан фойдаланиш, одамлар гавжум жойларда патруль кузатувини кучайтириш, профилактика инспекторлари ҳамда инспектор-психологларнинг янги иш услублари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида маҳалланинг ўрни, жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилиб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, йиғилишда соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳа объектларида хавфсизлик ҳамда қўриқлаш хизмати назоратини кучайтириш, уларни замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.