9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан ҳудудларда маънавий ва маърифий тадбирлар ўтказилиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, тизим фахрийлари ва хизмат вақтида вафот этган ходимларнинг оила аъзолари холидан хабар олинмоқда
Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Жасорат – миллат ғурури ва ифтихори” шиори остида маънавий ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар доирасида “Уч авлод учрашувлари” ўтказилиб, унда ҳарбий прокуратура, Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши, Афғон уруши жангчилари кенгаши аъзолари ўзларини хизмат ва хизматдан кейинги вақтда юрт тинчлиги ва осойишталиги сақлаш йўлида босиб ўтган йўллари, кечган машаққатлари ҳақида ёшлар билан ўртоқлашиб, ёшларни чинакам ватанпарвар қилиб тарбиялаш, уларнинг Она-ватанга садоқат туйғуларини ва миллий қадриятларимиз ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш борасида фикрлашдилар.
Шу билан бирга тадбирларда ўқувчи ёшлар томонидан Она ватанга муҳаббат, садоқат, тинчлик қадри, буюк аждодларимиз, саркардаларимиз ва бошқа мард ўғлонларимиз жасорати акс этган саҳна кўринишлари билан чиқишлар қилинди.
Бундан ташқари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимларининг жанговар кўргазмали чиқишлари, шеърият, жонли ижро, рақс ва бошқа ижодий саҳна кўринишлари намойиш этди.
Шу билан бир қаторда байрам муносабати билан бир гуруҳ ходимлар навбатдаги махсус унвонларини тантанали топшириш маросимига уланиб кетди. Сўзга чиққанлар томонидан ходимларни навбатдаги махсус унвон олганликлари билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик, халқимиз осойишталиги йўлида олиб бораётган шарафли ишларида улкан зафарлар тиланди.
Биламизки, аждодларимизни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Ватан озодлиги, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни муқаддас хотирасини ёд этиб, бугунги кунда эл ардоғида умргузаронлик қилаётган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш юртимизда анъанага айланган. Шу муносабат билан Миллий гвардия масъуллари томонидан бугунги осойишта кунлар учун нафақат мустақиллик йилларида, шу билан бирга айни кунларда юртимиз осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, ходимлар жасорати ёд этилиб, уларнинг Ватан тинчлиги йўлида қилган жасоратлари ҳеч қачон унутилмаслиги, доим эътибор ва эъзозда бўлиши таъкидланиб, марҳум ходимларнинг оила аъзоларига байрам олди кайфият улашилди.