Янгиликлар

18 Январь 2026

Ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” — ватанпарварлик ва фидойилик мактаби

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ҳамда Қўриқлаш хизмати ходимлари ташаббуси билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, шунингдек, дунёқарашини янада кенгайтириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Мазкур тадбирда таълим муассасалари, умум таълим мактаб ўқувчилари ва ёшлар фаол иштирок этдилар. Тадбир давомида иштирокчилар Ички ишлар органларининг кундалик фаолияти, хизмат йўналишлари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, ёшларга хизмат жараёнида қўлланиладиган махсус воситалар, техник жиҳозлар ва хизмат автомобиллари намойиш этилди. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ватанга садоқат, касбга муҳаббат, фидойилик ва масъулият каби юксак фазилатлар ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Тадбирнинг амалий қисмида ёшлар учун турли кўргазмали чиқишлар, маънавий-маърифий суҳбатлар ҳамда савол-жавоблар ташкил этилди. Бу эса иштирокчиларда Она-Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини янада мустаҳкамлаш, келажакда юрт равнақи йўлида хизмат қилишга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилди.