Янгиликлар

14 Январь 2026

“Мардлар қўриқлайди Ватанни” — ёрқин хотирага бағишланган маънавий-маърифий тадбир

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юксак маънавий аҳамиятга эга бўлган тадбир ўтказилди. Ушбу маънавий-маърифий тадбир Наманган вилояти Тўрақўрғон туман ҳокимлиги, Қўриқлаш хизмати, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда фахрийлар иштирокида ташкил этилди.

Тадбир мактабнинг собиқ ўқувчиси, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатиб, фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш вақтида ҳалок бўлган Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати сафдор ходими — марҳум Абдулвохидов Абдулходи Абдуазиз ўғлининг ёрқин хотирасига бағишланди. “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида ўтказилган ушбу тадбир Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган қаҳрамоннинг хотирасини улуғлаш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Тадбир аввалида давлатимиз мустақиллиги, тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилаётган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг шарафли меҳнати ҳақида сўз юритилди. Марҳум Абдулвохидов Абдулходи Абдуазиз ўғлининг ҳаёт йўли, хизмат фаолияти, бурчга садоқати ва қаҳрамонлиги алоҳида эътироф этилди. Унинг мардонавор ҳаракатлари ёшлар учун ибрат мактаби экани таъкидланди.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ўқилди, саҳна кўринишлари ва қўшиқлар ижро этилди. Фахрийлар ва меҳмонлар сўзга чиқиб, Ватанга муҳаббат, тинчлик қадри, ҳарбий хизматнинг масъулияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.