Янгиликлар

9 Апрель 2025

Хоразм вилоятидаги куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида “Темур тузуклари билимдони” номли маънавий-маърифий кўрик-танлов ўтказилди

Юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк саркарда, донишманд давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 689-йиллиги муносабати билан Хоразм вилоятидаги куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида “Темур тузуклари билимдони" номли маънавий-маърифий кўрик-танлов ўтказилди

Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу танловда Қўриқлаш бошқармаси жамоаси юксак фаоллик, чуқур билим ва юқори интизом намоён этиб, фахрий 2 ўринни қўлга киритди. Бу ютуқ – нафақат жамоанинг саъй-ҳаракатлар самараси, балки Амир Темур қолдирган бой маънавий меросга бўлган чуқур ҳурмат ва садоқатнинг ифодасидир.

Танловнинг асосий мақсади — Соҳибқироннинг давлат бошқаруви, адолатпарварлик ва ҳарбий санъатга оид беқиёс меросини янада кенг тарғиб этиш, шу орқали ходимларда ватанпарварлик руҳини юксалтиришдан иборатдир.

Буюк Темурийлар давлати асосчиси — Амир Темурнинг тузуклари орқали давлат бошқарувида адолат, ватанпарварлик, интизом ва фидокорлик каби абадий қадриятлар ёш авлод қалбига сингиб бориши шубҳасиз. Ана шундай тадбирлар орқали миллий ғурур, тарихий хотира ва маънавий бойликларимизни янада юксалтиришга хизмат қилинаётгани қувонарлидир.