Янгиликлар

30 Декабрь 2025

Янги йил арафасида меҳр ва эътибор

Янги йил байрами арафасида Бухоро вилояти Қўриқлаш хизмати раҳбарияти томонидан ходимларнинг фарзандларига байрамона совғалар топшириш тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбирнинг асосий мақсади – ходимларимизнинг оилаларига бўлган эътиборни кучайтириш, болажонларга қувонч ва байрамона кайфият улашишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида раҳбарият вакиллари ходимлар ва уларнинг фарзандларини Янги йил байрами билан самимий табриклаб, келаётган йил уларга соғлик, бахт, тинчлик ва омад олиб келишини тиладилар. Болажонларга топширилган совғалар уларнинг юзларида қувонч ва табассум уйғотиб, байрам кайфиятини янада оширди.

Мазкур эзгу ташаббус жамоада ижтимоий масъулият ва инсонпарварлик қадриятлари устувор эканини яна бир бор намоён этди. Ходимлар томонидан кўрсатилаётган фидокорона меҳнат, масъулият ва садоқат раҳбарият томонидан доимий равишда эътироф этилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундай тадбирлар жамоада ўзаро ҳурмат, ишонч ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаб, ходимларнинг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.