Киберфирибгарликларнинг олдини олиш: амалий кўникмалар билан бойитилган учрашув
Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида шахсий таркиб иштирокида киберхавфсизликка бағишланган махсус тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ АТСЖҚКБнинг киберхавфсизлик бўйича малакали мутахассислари иштирок этиб, ходимларга замонавий рақамли муҳитда хавфсиз фойдаланиш маданияти юзасидан амалий маълумотлар тақдим этди.
Махсус маърузалар давомида кибермаданият талаблари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилишнинг замонавий усуллари, ижтимоий тармоқлар ва интернетдан фойдаланишда эҳтиёт чораларига риоя этиш, фишинг ва бошқа киберҳужумлардан сақланиш каби йўналишлар атрофлича ёритилди. Ходимларга киберфирибгарлик турлари ва уларни аниқлаш механизмлари ҳақида аниқ мисоллар асосида амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида киберхавфсизлик бўйича хабардорликни ошириш мақсадида махсус тайёрланган флаерлар тарқатилди. Уларда реал ҳаётда учраётган киберфирибгарлик ҳолатлари ва улардан муҳофазаланиш бўйича муҳим йўриқномалар жой олган.
Бундай тарғибот тадбирлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш баробарида, уларнинг кенг жамоатчилик ўртасида кибермаданиятни шакллантиришга қаратилган фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.