Сурхондарёда Қўриқлаш хизмати раҳбарияти томонидан таълим муассасалари хавфсизлиги ўрганилмоқда
"Хавфсиз таълим" концепциясини жорий этиш орқали давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, техникум ҳамда олий таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни яратиш устувор вазифалардан биридир.
Сурхондарё вилояти Қўриқлаш хизмати раҳбарияти томонидан Термиз шаҳридаги таълим муассасаларининг қўриқлови, ўрнатилган "ташвиш" тугмалари ҳамда уларнинг ишлаш ҳолати кўздан кечирилди.
Таълим муассасаларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчи-хизматчиларининг хизматни олиб бориш тартиби, навбатчиликни ташкил этиш, кириш-чиқиш назорати, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича билим ва кўникмалари ўрганилди. Таълим даргоҳларидан тушган чақирувга тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг муносабати баҳоланди.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида “Хавфсиз таълим” концепциясини жорий этиш орқали техник қўриқлаш воситаларини такомиллаштириш, "ташвиш" тугмалари ва видеокузатув тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, ишчи-хизматчиларининг касбий тайёргарлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, Қўриқлаш хизматини янада самарали ташкил этиш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.