Маҳаллаларда профилактик тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда
Республика ишчи гуруҳи вакиллари ҳамда Қўриқлаш Департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан криминоген вазияти оғир маҳаллаларида аҳоли ўртасида профилактик тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Жумладан, Хоразм, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида Ички ишлар ҳамда Қўриқлаш бошқармалари ходимлари томонидан аҳолига замонавий қўриқлов сигнализация воситаларини ўрнатишнинг афзалликлари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун қулайликлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Мутасаддилар томонидан маҳаллаларни жиноятдан ҳоли қилиш ва ҳар бир кўча, кўп қаватли уйлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини замонавий кузатув камералари билан жиҳозлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ушбу воситаларнинг ишлаш тизими амалий кўрсатилиб, фойдаланиш тартиблари тушунтирилди. Содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда қўлланилаётган бу каби замонавий техник воситалар, албатта ҳудуд хавфсизлиги ва фуқаролар хотиржамлигини таъминлашга хизмат қилади. Тарғиботлар натижасида ўз хонадони ва савдо дўконларини қўриқловга топшириш истагини билдирган фуқаролар билан шартномалар қилиниб, ишончли ҳимояга олинди. Шунингдек, тумандаги кўп қаватли уйларнинг кириш қисмига ташвиш тугмалари ўрнатилиб, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ёки ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ҳолатлар содир этилганда, хизматдан фойдаланиш кўникмалари шакллантирилди. Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли профилактик тарғибот тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.