Янгиликлар

19 Январь 2026

Самарқанд вилоят Қўриқлаш хизмати шахсий таркиби ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавийлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини янада ошириш мақсадида спортнинг волейбол тури бўйича Қўриқлаш хизмати бошлиғи кубоги мусобақаси бўлиб ўтди

Самарқанд вилоят Қўриқлаш хизмати шахсий таркиби ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавийлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини янада ошириш мақсадида спортнинг волейбол тури бўйича Қўриқлаш хизмати бошлиғи кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Ушбу мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳар қўриқлаш бўлимлари жамоалари фаол иштирок этди. Мусобақанинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти Қўриқлаш хизмати бошлиғи М.Мирзарахмедов мусобақани очиб берар экан, масъулларга ўйин шаффоф тарзда ўтишини назорат қилиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек мусобақа давомида барча жамоаларга омад тилади.

Беллашувлар юқори кайфиятда, қизиқарли ва шиддатли тарзда ўтди. Ҳар бир жамоа ғалаба учун бор маҳоратини намоён этди. Ўйинлар жараёнида кучли рақобат, спортчиларнинг жипслиги ва иродаси яққол кўзга ташланди. Мусобақа якунига кўра, кучли ва тайёргарлиги юқори жамоалар саралаб олинди. Натижаларга кўра, 3-ўринни Нуробод туман Қўриқлаш хизмати жамоаси, 2-ўринни Иштихон туман Қўриқлаш хизмати жамоаси эгаллади. Самарқанд шаҳар Қўриқлаш хизмати жамоаси эса барча рақибларини ортда қолдириб, 1-ўринни қўлга киритди ва мусобақанинг мутлақоқ ғолиби, деб топилди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар Қўриқлаш хизмати бошлиғининг кубоги ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Тақдирлаш маросимида спортчиларга келгусида ҳам бундай мусобақаларда фаол иштирок этиш, жисмоний тайёргарликни янада ошириш ва хизмат фаолиятида ҳам шундай жипсликни сақлаб қолиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.

Мазкур мусобақа ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, жамоавий руҳни юксалтириш ва спорт орқали дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.