Мард ўғлонлар номи доим қалбларимизда мангу сақланади
Бугун Қўриқлаш департаменти бошлиғи полковник Қ.А.Шодибеков 2020 йил 10 февраль куни Наманган вилояти Уйчи туманида хизмат ўташ вақтида қўриқлов остига олинган ҳудуддан оқиб ўтувчи Норин дарёсида чўкаётган аёлни кўриб қолиб, тезкорлик билан уни ҳаётини сақлаб қолган, афсуски, кучли сув оқими натижасида ўзи ҳалок бўлган Қўриқлаш ходими сафдор Абдулвохидов Абдулходи Абдулазиз ўғлининг яқинлари билан учрашди.
Суҳбатда Абдулходининг кўрсатган жасорати, ҳаётининг сўнги дақиқасигача қасамёдига содиқ қолиб хизмат бурчини садоқат билан бажарганлиги, ўз ҳаёти эвазига бошқа бир фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолганлиги ва бу орқали мард ўзбек ўғлони сиймосини яратганлиги ёд этилди. Абдулходи қисқа бўлса ҳам умри (27.06.1994й – 10.02.2020й) давомида Қўриқлаш хизматидаги самарали меҳнати, устозлари ва сафдошларида қолдирган ёрқин фикрлар хотирланди. Абдулходи оиласининг ижтимоий ҳимояси ва доимий кўмак берилиши Қўриқлаш департаменти раҳбари шахсий назоратига олинди.
Шунингдек сафдошимизнинг яқинлари учун янги йил байрам дастурлари намойиш этилиб, совғалар улашилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган Абдулходи Абдулвохидов вафотидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан "Жасорат" медали билан тақдирланган эди.
Шунингдек унинг ёрқин хотираси ва жасоратини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани 3 умумий ўрта таълим мактабида қаҳрамон хотирасига барельеф ўрнатилган.
Мард ўғлонлар номи доим қалбларимизда мангу сақланади...