Қўриқлаш Департаменти Фахрийлар кенгашининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди
Қўриқлаш фаолиятини янада такомиллаштириш, тизимдаги мавжуд муаммоларга профессионал ечимларини белгилаш мақсадида Қўриқлаш Департаменти тизимларида узоқ вақт ишлаган, ҳозирда нафақада бўлган фахрий ходимлардан иборат маслаҳат кенгашининг доимий фаолияти йўлга қўйилди.
Бугун Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида ушбу кенгашнинг илк маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қўриқлаш Департаменти раҳбарияти, соҳа масъуллари, қўриқлаш тизимида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган фахрийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир чоғида Қўриқлаш тизимининг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгича иш услублари ва тизимни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бир қаторда, хизмат самарадорлигига таъсир қилаётган айрим муаммолар ҳам очиқ мулоқот руҳида кўриб чиқилди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, қўриқлаш тизими мамлакатдаги тинчлик, осойишталик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли, ҳар бир ходимнинг касбий савиясини ошириш, уларнинг билим ва малакасини мунтазам такомиллаштириш, хизмат интизомига қатъий риоя этилишини назорат қилиш – бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Ёш кадрлар масаласи ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Замонавий талабларга жавоб берадиган етук мутахассисларни тайёрлаш, уларда касбга садоқат, масъулият ва ташаббускорлик фазилатларини ривожлантириш, ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш тизимини янада кучайтириш – соҳа ривожининг асосий омили эканлиги қайд этилди.
Учрашувда иштирок этган фахрийлар ўзларининг йиллар давомида орттирган беқиёс тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Хизмат самарадорлигини ошириш, тизимни янада замонавий ва ишончли механизмлар билан бойитиш бўйича қатор муҳим таклиф ва амалий тавсияларни баён этдилар.
Кенгашда ёш ходимлар ўз ғояларини ўртага ташлаб фахрийларнинг таклифларига асосан янада бойитишди.
Йиғилиш якунида фахрийлар ва ходимларнинг барча фикр мулоҳазалари бўйича таклифлар тўплами тайёрланиб ижро учун қабул қилинди.
Бундай учрашувлар тизим фаолиятини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлиши билан аҳамиятлидир.