Янгиликлар

10 Декабрь 2025

Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси киберхавфсизликка бағишланган давра суҳбати ўтказди

Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси шахсий таркиби иштирокида, ИИБ Киберхавфсизлик бошқармаси масъуллари ҳамкорлигида “Киберҳужум ва киберхавфсизлик” мавзусида навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – ходимларнинг замонавий рақамли таҳдидлар тўғрисидаги билимларини ошириш, киберҳужумларнинг турлари, улардан ҳимояланиш усуллари, интернетда хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тушунтиришдан иборат бўлди.

Суҳбат давомида мутахассислар фишинг ва зарарли дастурлар орқали амалга ошириладиган ҳужумлар, ҳисоблар, пароллар ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш усуллари, корхона ва ташкилотларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш талаблари, ижтимоий тармоқларда содир бўлаётган фрод ва кибержиноятларнинг янги кўринишлари каби долзарб масалалар юзасидан атрофлича маълумот бердилар.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан амалий мисоллар асосида батафсил жавоблар берилди. Ушбу давра суҳбати шахсий таркиб ўртасида киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш, хизмат жараёнларида ахборотдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.